Қабул қилинган мазкур Фармон таркибий ислоҳотларнинг сифат жиҳатидан янги ва етук босқичини бошлаб беради. Дастур доирасида 84 та хўжалик жамиятидаги давлат улушлари, 1,2 мингдан ортиқ кўчмас мулк обектлари ҳамда қарийб 8 минг гектар ер майдонлари очиқ савдоларга чиқарилмоқда. Уларнинг умумий баҳоланган қиймати тахминан 100 триллион сўмни ташкил этиб, жорий йилнинг ўзидаёқ камида 14 триллион сўм маблағ тушуми кутилмоқда. Бироқ амалий иқтисодий таҳлил нуқтайи назаридан мазкур ҳужжатнинг асосий аҳамияти фақат буджет тушумлари миқёсида эмас, балки хусусий капитал учун мавжуд тўсиқларни тизимли равишда бартараф этишга қаратилганида намоён бўлади.
Илк бор активларни сотиб олиш шартлари бизнеснинг ҳақиқий имкониятларига мослаштирилди. Бошланғич тўлов миқдорининг 35 фоиздан 15 фоизга туширилиши, бўлиб-бўлиб тўлашда фоиз ҳисобланишининг тўлиқ бекор қилиниши ҳамда мослашувчан чегирма механизмларининг жорий этилиши — я’ни битимни олти ой ичида якунлаганда 25 фоизлик чегирма ёки 5–7 йиллик узоқ муддатли бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти — маҳаллий инвесторлардаги узоқ муддатли молиявий ресурслар етишмаслиги муаммосини бевосита ҳал этади. Шу билан бирга, давлат кўп йиллар давомида фойдаланилмай келган ва ликвидлиги паст бўлган мулклар муаммосини ҳам бартараф этмоқда. Уч ой давомида харидор топилмаган активлар учун бошланғич нархни босқичма-босқич пасайтириш ва гибрид инглиз-голланд ауксионларини жорий этиш орқали уларнинг ҳақиқий бозор қийматини аниқлаш ҳамда музлаб қолган капитални иқтисодий айланмага қайтариш имкони яратилади. Шунингдек, ер участкаларини шаҳарсозлик бўйича келишувлар ва муҳандислик тармоқларига уланиш учун техник шартлар олдиндан расмийлаштирилган ҳолда “тайёр ҳолатда” сотиш амалиётининг жорий қилиниши инвестор зиммасидаги катта регулятор харажатларни сезиларли даражада камайтиради.
Фармон қоидалари республиканинг ёқилғи-энергетика мажмуаси учун алоҳида стратегик аҳамиятга эга. Ўнлаб йиллар давомида “Ўзбекнефтгаз” АЖ, “Ўзтрансгаз” АЖ, “Ўзбекгидроенерго” АЖ ва ҳудудий электр тармоқлари корхоналари автозаправка шохобчалари, нефт базалари, хизмат уй-жой фонди, та’мирлаш устахоналари ҳамда фойдаланилмаётган ишлаб чиқариш бинолари каби нопрофил активларни сақлаш бўйича катта юкни ўз зиммасига олиб келган. Ушбу обектларни хусусийлаштириш дастурига киритиш тармоқ операторларига нопрофил активлардан халос бўлиш имконини беради. Энергетика компаниялари учун бу балансларни тўғридан-тўғри оптималлаштириш, инвестиция ресурсларини бўшатиш ва капитал харажатларни фақат устувор технологик ёъналишларга — қатлам босимини сақлаш, геология-қидирув ишлари, қудуқлар бурғилаш, тармоқ инфратузилмасини модернизация қилиш ҳамда энергия ресурслари ҳисобини рақамлаштиришга ёъналтириш имкониятини англатади.
Бундан ташқари, юзлаб маҳаллий автозаправка шохобчалари ва ёқилғи сақлаш базаларининг хусусийлаштирилиши мотор ёқилғисини тарқатиш соҳасида соғлом рақобатни рағбатлантиради ҳамда хусусий мулкдорларни резервуар инфратузилмасини модернизация қилиш ва замонавий хизмат кўрсатиш тизимларини жорий этишга ундайди. Шунингдек, 8 минг гектар тижорат ерларининг аниқ ва шаффоф техник шартлар асосида сотилиши технологик уланиш нуқталарининг олдиндан прогноз қилинишига хизмат қилиб, ҳудудий электр тақсимлаш тармоқларидаги юкламани тартибга солади ва қувват танқислигининг олдини олади. Стратегик аҳамиятга эга корхоналарни хусусийлаштириш жараёнида давлатнинг “махсус иштирок ҳуқуқи” (“олтин аксия”) механизмини сақлаб қолиши эса бозор либераллашуви миллий энергетика хавфсизлиги манфаатларига зид келмаслигини та’минлайди.
Хулоса қилиб айтганда, ПФ–177-сон Фармон давлат ортиқча мулкни бошқарувчи субект вазифасидан босқичма-босқич воз кечиб, активларни самарали мулкдорларга топширишга асосланган прагматик моделни шакллантиради. Рақамли ауксионлар шаффофлиги та’минланган тақдирда, мазкур қадам хусусий тадбиркорлик фаолиятига кучли туртки беради, ёқилғи-энергетика мажмуаси инфратузилмасини оптималлаштиради ва иқтисодий ўсишнинг барқарор ҳамда сифатли асосларини яратади.

