Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва юридик шахсларига доимий фойдаланиш (эгалик қилиш), ижара ва мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида тегишли бўлган ер участкаларини хусусийлаштириш жаддалаштирилмоқда.
Шу ўринда, “YERХUSUSIYLASHTIRISH” автоматлаштирилган ахборот тизими орқали Республика бўйлаб ер участкаларини хусусийлаштириш бўйича қатор аризалар келиб тушмоқда ҳамда Давактив агентлигининг тегишли ҳудудий бошқармалари томонидан белгиланган муддатларда ер участкасига мулк ҳуқуқини тасдиқловчи давлат ордери расмийлаштириб борилмоқда.
Жумладан, Тошкент шаҳрининг Мирзо Улуғбек туманида жойлашган жисмоний шахсларга мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосида тегишли бўлган 6 та ер участкаларига мулк ҳуқуқини тасдиқловчи давлат ордери ўз вақтларида Давактив агентлигининг Тошкент шаҳар ҳудудий бошқармаси томонидан берилди.
Қўшимча тариқасида, биринчилар қаторидан ўрин олган фуқароларга Агентлик ва ҳудудий бошқарма раҳбариятининг эсдалик совғалари ва табрик йўлланмалари ҳамда мулк ҳуқуқини тасдиқловчи давлат ордерлари тантанали равишда топширилди.
Шунингдек, Агентлик жамоаси Янги Ўзбекистонда амалга оширилаётган “Инсон қадри учун” тамойили асосида бошланган ислоҳотлардан дастлабки самараси соҳиби бўлган фуқароларни самимий муборакбод этиш билан бирга фаолиятларида омад ва зафарлар тилайди!
Шу билан бирга, Агентлик фуқаролар, тадбиркор ва ишбилармонларни тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш учун ер участкаларини “E-auksion” электрон савдо платформаси орқали шаффоф савдоларда иштирок этишга ҳамда доимий фойдаланиш (эгалик қилиш), ижара ва мерос қилиб қолдириладиган умрбод эгалик қилиш ҳуқуқи асосидаги ер участкаларга мулк ҳуқуқини расмийлаштириш жараёнида фаол иштирок этишга чорлайди.