Ру Ўз O'z En

Янгиликлар

04 Ноябрь 2026

Талабалар турар жойи биноларининг сотилиши талабалар учун яшаш ўринлари қисқаришига олиб келмайди

Ахборот маконида талабалар ётоқхоналари ва та’лим инфратузилмаси обектлари биноларининг сотилиши тўғрисида тарқалган хабарлар муносабати билан Давлат активлари агентлиги ушбу масалага аниқлик киритади.

Аввало, шуни ма’лум қиламизки, “Янги Тошкент”да янги университет бинолари ва талабалар ётоқхоналари қуриб битказилиб, фойдаланишга топширилгунига қадар амалдаги ётоқхоналардан талабаларни кўчириш ҳамда улар фойдаланаётган та’лим инфратузилмаси обектларини бўшатиш ишлари амалга оширилмайди. Талабаларни та’лим олиш ва яшаш учун зарур шароитлар билан та’минлаш ушбу лойиҳаларнинг асосий шартларидан бири бўлиб қолади.

Ҳозирги вақтда бир қатор олий та’лим муассасаларида ўқув корпуслари шаҳарларнинг турли қисмларида жойлашган бўлиб, бу талабалар ва профессор-ўқитувчилар таркиби учун муайян ташкилий ва логистика ноқулайликларини келтириб чиқармоқда. Шу муносабат билан ўқув инфратузилмасини бирлаштириш, та’лим муҳитини модернизация қилиш ҳамда ўқув жараёни учун янада қулай шароитлар яратиш имконини берувчи замонавий университет кампусларини шакллантириш кўзда тутилмоқда.

Хусусан, Тошкент давлат юридик университетига алоҳида э’тибор қаратилмоқда. Университет инфратузилмасини янгилаш доирасида ўқув жараёнини ташкил этиш ва талабаларнинг яшаши учун замонавий шароитлар яратиш назарда тутилган. Бунда янги инфратузилмага ўтиш босқичма-босқич, ўқув жараёнини бузмаган ва та’лим олувчиларнинг манфаатларига путур етказмаган ҳолда амалга оширилади. Зарур янги бинолар билан та’минлангунга қадар талабалар университетнинг амалдаги инфратузилмасидан фойдаланишни давом эттирадилар.

Мазкур лойиҳани амалга ошириш учун “Янги Тошкент”да 17,1 гектар майдонга эга ер участкаси ажратилган.

Шундай экан, гап талабалар турар жой фондини қисқартириш ҳақида эмас, балки университет инфратузилмасини изчил янгилаш, давлат мулкидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ҳамда талабаларнинг та’лим олиши ва яшаши учун янада қулай шароитлар яратиш ҳақида бормоқда.

Давлат активлари агентлиги хусусийлаштириш жараёнларини амалга оширишда белгиланган шартларга риоя этиш, чора-тадбирларнинг шаффофлиги ва жамоатчилик манфаатларини та’минлаш устувор аҳамиятга эга эканини яна бир бор та’кидлайди.

110 Чоп этиш
Нажмите на кнопку ниже, чтобы прослушать текст Powered by GSpeech