Ўзбекистон Республикаси Давлат байроғи қабул қилинганининг 35 йиллиги муносабати билан Давлат активларини бошқариш агентлигида “Давлат рамзларига ҳурмат – Ватанга ҳурмат” мавзусида давра суҳбати ташкил этилди.
Тадбирни “Электрон-онлайн ауксионларни ташкил этиш” АЖ директори Бекзод Усмонов, Агентлик ёшлар етакчиси Ойбек Тўрабеков ҳамда Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юрист кадрларни қайта тайёрлаш маркази катта ўқитувчиси Беҳруз Эшпўлатов олиб бориб, унда агентлик марказий аппарати ходимлари, тизим ташкилотлари ҳамда ҳудудлардаги вакиллари иштирок этди.
Давра суҳбати давомида давлат рамзлари, хусусан, Давлат байроғининг мамлакат мустақиллиги, суверенитети ва миллий ўзликни англашдаги ўрни ва аҳамиятига алоҳида тўхталиб ўтилди.
Та’кидланганидек, давлат рамзларига ҳурмат – бу, аввало, Ватанга ҳурмат, унинг тарихи, бугуни ва келажагига бўлган юксак эҳтиром ифодасидир. Ҳар бир фуқаро, айниқса, давлат ташкилотлари ходимлари давлат рамзларининг мазмун-моҳиятини чуқур англаши ва уларга ҳурмат билан муносабатда бўлиши муҳим.
Тадбир давомида Беҳруз Эшпўлатов томонидан давлат рамзларининг ҳуқуқий асослари, уларнинг мазмун-моҳияти ҳамда жамият ҳаётидаги аҳамияти юзасидан батафсил ма’лумотлар берилди. Иштирокчилар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олдилар.
Шунингдек, тадбир доирасида мавзуга оид викторина ташкил этилиб, унда ходимлар ўз билим ва фаолликларини намойиш этдилар. Ғолиб ва фаол иштирокчилар эсдалик совғалари билан тақдирланди.
Мазкур тадбир ходимларнинг давлат рамзларига ҳурмат ва эҳтиром туйғусини янада мустаҳкамлаш, ҳуқуқий билимларини ошириш ҳамда миллий қадриятларга садоқатини кучайтиришга хизмат қилди.

