19-октабр куни Самарқанд шаҳрида Ўзбекистон ва Туркия ўртасидаги саноат кооперациясини ривожлантиришга бағишланган СамАуто Супплиер Дай халқаро бизнес учрашуви бўлиб ўтди. Тадбирда икки мамлакат давлат органлари, саноат корхоналари ва ишбилармон доираларининг 150 нафардан ортиқ вакиллари иштирок этди.
Давлат активлари агентлиги директори Соҳибжон Муродов туркиялик инвесторларни қутлаб, Туркиянинг Ўзбекистон иқтисодиётига киритган инвестициялари умумий ҳажми қарийб 10 млрд АҚШ долларига етганини та’кидлади. Сўнгги йилларда туркиялик инвесторлар умумий қиймати қарийб 350 млн доллар бўлган 30 дан ортиқ давлат активини сотиб олган.
“Биз туркиялик инвесторларни узоқ муддатли стратегик ҳамкорлар сифатида кўрамиз. Хусусийлаштириш — бу нафақат давлат активларини сотиш, балки инвестицияларни жалб қилиш, корхоналарни модернизация қилиш, замонавий технологияларни жорий этиш ва янги иш ўринларини яратиш ҳамдир”, — деди Соҳибжон Муродов.
Шунингдек, СамАуто корхонасини хусусийлаштириш масаласига алоҳида э’тибор қаратилди. 2025-йилда Туркиянинг Анадолу Исузу компанияси корхонанинг 75,2 фоиз улушини сотиб олди. Бу ишлаб чиқаришни ривожлантириш, маҳаллийлаштириш даражасини ошириш ва экспорт салоҳиятини кенгайтириш учун янги имкониятлар яратди.
Агентлик туркиялик инвесторларни хусусийлаштириш жараёнларида фаол иштирок этишга ҳамда Ўзбекистонда инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш учун яратилаётган янги имкониятлардан фойдаланишга таклиф этади.
Давлат активларини бошқариш агентлиги
матбуот хизмати

